Кореяга илк бор 2017 йил бакалавр 4-курс «3+1 exchange program» учун келдим. Мана, 9 йилдан сўнг доимий яшаш ҳуқуқини берувчи F-5 визасига эга бўлдим.

Виза йўлим қисқача
| Виза | Муддат |
|---|---|
| D-2-2 | 2017.06 – 2017.12 |
| D-2-3 | 2018.09 – 2020.08 |
| D-2-4 | 2020.09 – 2024.02 |
| E-7-1 | 2024.03 – 2025.10 |
| F-2-7 | 2025.11 – 2026.05 |
| F-5-15 | 2026.06 – ҳозиргача |
Ҳар бир босқич ҳақида битталаб тўхталиб ўтирмасдан, бирдан менга муаммо яратган вазиятлар ва уларни қандай бартараф қилганим ҳақида айтиб ўтаман.
Муаммолар ва ечимлар
1. Корейс тилини билмаслигим
Point системаси билан таниш инсонлар яхши биладики, виза алмаштиришда KIIP ёки TOPIK сертификатлари анча муҳим ҳисобланади. Менда эса буларнинг энг қуйи даражаси ҳам йўқ. Шундай бўлса ҳам F-2 ҳамда F-5 олишда етарли талабларга жавоб бера олдим. Бунинг сабаби эса оддий — PhD даражаси борлиги.
2. D-2 виза вақтида иммиграция қонунларини бузиб, 1,4 млн KRW жарима тўлаганим
Бу, айниқса, F-2-7 виза олганимда билинган эди. Ходим шундоқ кўз олдимда −20 балл ҳисоблаганда «тамом, E-7 да қоларканман» дегандим. Лекин ойлик миқдори ва топ 1% университетни тамомлаганим ҳисобига умумий балл 85 бўлган ва 2 йилга F-2-7 визаси берилганди.
F-5 учун эса бу масала биргина 준법시민교육 (қонунга итоаткор фуқаро таълими) билан ҳал бўлди.
3. Йиллик даромад учун GNI талаби борлиги
Бу аслида асосий муаммолардан бири бўлмаган, сабаби иш жойимдаги шартнома суммаси етарли эди. Шунчаки мен жорий (2024) йилги эмас, балки келгуси (2025), ҳали эълон қилинмаган GNI ҳисобини олишим керак эди.
2023 дан 2024 га бўлган ўсиш қандай бўлгани ва доллар курси ошиб бораётганини ҳисобга олиб, камида 5 млн KRW кўпроқ заҳира қилиб қўйиш зиён қилмас эди. Мен бу масалани иш жойимдан декабрь ойига қўшимча «бонус» ёзиб беришларини сўраб ҳал қилдим. Албатта, буларнинг ҳаммаси ҳаққоний амалга оширилди, шунчаки қоғозда эмас.
Энг қувонарлиси
Мени қувонтирган натижа аслида F-5 олганим эмасди. Сабаби, бу узоқ йиллик режа ва қачон олиниши шунчаки вақт масаласи эди.
Мени қувонтиргани эса менинг аризам атиги 21 кун ичида тасдиқлангани бўлди. Ахир ҳужжат топширганимда ходимнинг ўзи «6 ойдан 1 йилгача кутасиз» деган эди-да. Нега тез тасдиқланди, била олмадим. Шунчаки хурсанд бўлиб қўявердим…

Изоҳлар
Изоҳлар Telegram каналимиздан олинади. Муҳокамага қўшилиш учун Telegram орқали киринг.
Муҳокамани Telegram’да очиш